
16.11.2017 · 👁 2,867
16-ноябр чекиш тақиқланган кун
Ҳар йили ноябр ойининг учинчи пайшанбасида бир қатор Ғарб мамлакатларида чекиш тақиқланган кун нишонланади. У 1977 йилда Америка саратон жамияти томонидан ташкил этилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра:
— дунёда ўпка саратонидан 90%, сурункали бронхитдан 75% ва юрак ишемик касалликларидан 25% чекиш сабаб бўлади;
- сайёрамизда ҳар ўн сонияда битта қаттиқ чекувчи вафот этади (2020 йилга келиб бу даража ҳар уч сонияда бир кишига кўтарилиши мумкин);
Халқаро чекмаслик кунини нишонлашдан кўзланган мақсад тамакига қарамликнинг тарқалишини камайтиришга кўмаклашиш, аҳолининг барча қатламларини ва барча ихтисосликдаги шифокорларни чекишга қарши курашга жалб этиш, чекишни олдини олиш ва жамиятни тамакининг саломатликка зарарли таъсиридан хабардор қилишдан иборат.
Шуни таъкидлаш керакки, чекишнинг соғлиқ учун зарари ҳақида яхши хабардор бўлишига қарамай, кам сонли шаҳар аҳолиси никотинга қарамликдан халос бўлишга интилади. Ёки одам тамаки истеъмол қилишнинг соғлиғига таъсири қанчалик оғирлигини англамайди ёки касаллик унга таъсир қилмаслигига ишонади ёки чекиш одати шунчалик кучлики, ундан воз кечишнинг иложи йўқ.
Шу боис, кўплаб мамлакатларда чекишни тақиқлаш куни доирасида фаоллар ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари аҳолини никотиннинг зарари ва чекишни ташлаш усуллари ҳақида тушунтиришга қаратилган турли хил маърифий, хайрия ва бошқа тадбирларни ўтказмоқда.
Соғлом бўлинг, яқинларингизни асранг!